Россиялик олимлар дори воситаларининг асосини ишлаб чиқаришда арзон ва экологик соф усулни таклиф қилмоқда

Россия Фанлар академиясининг А. Н. Несмеянов номидаги Элементоорганик бирикмалар институти (Москва) олимлари Аминлар (аммиак ҳосилалари) синтезининг янги усулини таклиф қилмоқда. Ушбу усулда зарарли моддалар ажралиб чиқмайди ва қиммат катализаторлар талаб этилмайди.

Қўлланадиган тикловчи восита — реагент реакциялар жараёнида ўз электронларини тақдим этади. У кимёвий ишлаб чиқаришнинг арзон чиқиндиларидан тайёрланади; муаллифларнинг ёндашуви, шунингдек, қишлоқ хўжалиги учун ўғит сифатида фойдали саналган фосфатларни қўшимча маҳсулот сифатида олиш имконини беради.

Маълумки, аминлар кўплаб дори, бўёқ ва пестицидлар таркибига киради. Бу кашфиёт эса уларнинг нархини арзонлаштириши билан аҳамиятлидир. Россия илмий жамғармаси (РИЖ) гранти томонидан қўллаб-қувватланган мазкур тадқиқот натижалари Оrganic Letters журналида чоп этилди.

Aминлар синтези (аммиак ҳосилалари) замонавий кимёнинг асосий реакцияларидан биридир. Ушбу бирикмалар кимё саноатининг барча асосий тармоқлари: ўғитлар, дори-дармонлар, лок-бўёқ материалларини ишлаб чиқаришда қўлланади. Аминни олиш учун гидрогенизация реакциясини амалга ошириш, яъни, бирламчи моддага водород атомларини қўшиш керак. Буни турли йўллар билан бажариш мумкин, аммо уларнинг ҳеч бири мукаммал эмас.

Аминларни олиш учун энг кенг тарқалган тикловчи моддалар (электронни тақдим этувчилар) ҳозирча борогидридлар, NаBH4 ҳосилаларидир, аммо улар камчиликлардан ҳоли эмас: қиммат ва атроф-муҳит учун зарарли жуда кўп чиқиндиларни келтириб чиқаради, шунинг учун тўғри утилизация масаласи ўткир муаммолардан биридир. Бундан ташқари, борогидридлардан фойдаланганда, диборан В2Н6 каби учувчан заҳарли маҳсулотлар ҳосил бўлиши мумкин, бу эса жараённинг ишчилар учун янада хавфли тус олишига сабабдир. Соф водород универсал тикловчи восита бўлиши мумкин, аммо реакция топиш қийин бўлган ва қиммат катализаторлар билан амалга оширилади. Шу боис ҳам, россиялик олимлар таклиф этаётган янги усул сезиларли афзалликларга эгадир.

Россия Фанлар академиясининг А.Н. Несмеянов номидаги Элементоорганик бирикмалар институти (Москва) олимлари жамоаси бир қатор тажрибалар ўтказиб, натрий гипофосфит турли хилдаги аминларнинг кенг спектрини синтезлашда самарали тикловчи восита эканини кўрсатишди. У заҳарли эмас, арзон, кўп миқдорда топиш мумкин ва катализаторлар талаб қилмайди. Қизиғи шундаки, гипофосфитлар сариқ фосфорли аралашмадан тайёрланади, бу эса, ўз навбатида, фосфор кислотаси синтезида қўшимча маҳсулот сифатида олинади, айнан шу боис, гипофосфитлар нархи арзон. Шундай қилиб, муаллифлар таклиф этаётган янги усул кимёвий ишлаб чиқаришдаги чиқиндиларни самарали қайта ишлашга хизмат қилади.

Янги усулнинг амалий афзаллиги седатив препарат синтези натрий гипофосфит билан қўлланиши мисолида кўрсатилди. Унинг нархи бошқа синтетик йўлларга нисбатан анча паст бўлиб чиқди.

Мақола муаллифларидан бири ва Россия Фан жамғармаси гранти томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳа иштирокчиси, РФАнинг ЭОБИ тадқиқотчиси Олег Афанасьев шундай хулоса қилади:

"Аминлар синтези учун биз таклиф қилаётган ёндашув жуда арзон, экологик соф ва айни пайтда самаралидир. Натрий гипофосфити ўғит сифатида ишлатиладиган фосфатларга айланади. Реакцияни амалга ошириш жуда осон ва арзон туради. Ваҳоланки, аминлар кўп миқдордаги дори воситалари таркибига киради ва бизнинг ёндашувдан фойдаланиб, уларни ишлаб чиқариш таннархини камайтиришга эришиш мумкин.


Манба: www. substa.ru

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати