"Хонадон дори қутиси": Ундан фойдаланишда қандай талабларга риоя қилиш керак?

💊 Ҳар биримизнинг уйимизда “хонадон дори қутиси” бор. Аммо уларда қандай препаратлар сақланиши лозимлигини кўпчилик билмайди. 

❓Хўш, аслида бундай “аптечка”лардан қайси дорилар ўрин олиши керак? Уларни сақлаш қоидалари қандай? Препаратлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкин?

📃 “Дори воситалари, тиббий буюм, экспертиза стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармокологик назорат бўлими етакчи мутахассиси Равшан Абдуллаев шу ҳақдаги тавсиялари билан ўртоқлашди. 

— Дориларнинг рецепт асосида ва рецептсиз бериладиган турлари бор, — дейди мутахассис. — Биринчи турдаги препаратлар учун, албатта, шифокор рецепти талаб этилади. Улардан тиббиёт ходимининг тавсияси билангина фойдаланиш ва уй шароитида сақлаш мумкин. 

🚫 Шифокор тавсия қилган жароҳатга қарши, иситма туширувчи, оғриқ қолдирувчи дориларнинг рецептсиз бериладиган турлари эса албатта, “хонадон дори қутиси”да бўлиши мақсадга мувофиқ. 

❌ Бироқ баъзи ота-оналар фарзандлари шамоллаб қолса, дарҳол дорихонага югуриб, ўзбошимчалик билан боласига антибиотик ёки бошқа турли препаратларни беради. Ёки тиббиётдан яхши хабардор бўлмаган қўшнисини чақириб, анальгин, димедрол, новокаин қўшиб мазкур аралашмани иситма туширишда қўллайди.

🧾 Ваҳоланки, ҳар бир дори воситасидан фойдаланиш йўриқномаси ва қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Препаратларни қабул қилиш вақти ва дозаларини шифокор белгилиб бериши шарт. 

📌 Афсуски, бу талабларга тўлиқ амал қилинмаслиги беморларнинг умумий ҳолати янада оғирлашишига олиб келади. 

💉 Айниқса, парентерал, мушак ва вена ичига юбориладиган антибактириал дориларни ҳеч қачон уй шароитида қабул қилиш мумкин эмас! Шунингдек, дорихона мутахассиси тавсияси билангина харид қилинган препаратлардан ҳам шифокор маслаҳатисиз фойдаланмаслик керак. 

🗓 Бундан ташқари, ҳар бир дори унинг йўриқномасида кўрсатилган ҳарорат ва муҳитда сақланиши шарт. Қолаверса, яроқлилик муддати ўтган дориларни ичиш ножўя таъсирлар ва оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. 

🏥 Агар доридан заҳарланиш ҳолати кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки бу ҳолат, буйрак, жигар, ўпка, юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, ҳатто ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин. 

▶️ Юртимизда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари оқибатида болалар ўлими юз бериши бу борада эҳтиёткорлик, шифокор тавсияси нақадар муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатди.

❗️Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали такрор-такрор огоҳлантирилишига қарамай, баъзи ота-оналар томонидан уй шароитида ҳануз ушбу препаратлардан фойдаланиш ҳолатлари учраётгани афсусланарлидир.  

‼️Шундай экан, юртдошларимиздан уй шароитида даволанмаслик, "хонадон дори қутиси"даги препаратларни сақлаш қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳамда муддати ўтган дорилардан фойдаланмасликни сўраймиз.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.