"Омикрон"ни гриппдан қандай фарқлаш мумкин?

🦠 Ҳозир дунёнинг қатор давлатларида коронавирус падемиясининг янги тўлқини билан бирга, грипп ва ЎРВИ эпидемияси ҳам кузатилмоқда. Бироқ шамоллаш билан боғлиқ бу хасталиклар белгилари аксарият ҳолларда “омикрон” штамми аломатлари билан деярли бир хил намоён бўляпти. 

❓Хўш, тиббий таҳлилларсиз ушбу касалликларни бир-биридан қандай фарқлаш мумкин? 

🩺 — Коронавирус касаллигига хос айрим белгилар шамоллаш ва грипп симптомларига жуда ўхшаш, — дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова. — Тана ҳарорати кўтарилиши, умумий ҳолсизлик, иштаҳа йўқолиши, бош, томоқ ва мушаклардаги оғриқлар шулар жумласидан.

❗️Шунга қарамай, уларни ўзаро ажратиб турувчи ҳолатлар бор. Хусусан: 

🕰 Грипп вирусининг инкубация даври анча қисқа — 1-2 кунни ташкил этади. "Омикрон"нинг яширин муддати эса узоқроқ —  4-6 кун давом этади. 

⏳ Демак, гриппга чалинган бемор билан мулоқотдан бир кун ўтиб, бетоб бўлиб қолсангиз, сизга ҳам мазкур инфекция юққани эҳтимоли юқори. 

📌 Қолаверса, одатий грипп кўпинча мушак, бўғим ва суяклар ҳамда бош оғриғини келтириб чиқаради. 

📌 Бурун оқиши ва 37 даража атрофидаги иситма эса бошқа ўткир респиратор вирусли инфекцияларга хос. 

📌 Коронавирус натижасида овқат ҳазм қилиш тизими фаолияти бузилиши мумкин. ЎРВИ да эса бундай ҳолат кам кузатилади. 

🌡 СOVID-19 нинг ўрта ва оғир босқичларида касалликнинг бешинчи-еттинчи кунларига келиб, тана ҳарорати 38-39 даражадан ошиши, нафас етишмовчилиги, ҳансираш пайдо бўлиши мумкин. Оддий шамоллаш ва гриппда эса — аксинча хасталик бошлангандан 3-4 кун ўтгач, бемор аҳволи яхшилана боради.

🏥 Юқоридаги ҳолатлар кузатилган беморлар, албатта, шифокор қабулига боришлари шарт. Аниқ ташхис қўйиш учун эпидемиологик анамнез, ПЗР-тест ва бошқа тиббий таҳлиллар натижалари талаб этилади. Шунга кўра, мутахассис томонидан тегишли муолажалар буюрилади.

‼️Энг самарали профилактик чора сифатида эса коронавирусга қарши ўз вақтида, тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланишни тавсия этамиз. 

Манба: ССВ телеграм канали