Арпабодиён шарбати коронавирусни 5 дақиқада йўқ қиларкан

Ульм тиббиёт марказидаги Молекуляр вирусология институти табиий маҳсулотларни вируслар билан аралаштириб, хона ҳароратида ушлаб туриш орқали тажриба ўтказди. Натижа ижобий. Шу боис немис олимлари арпабодиён шарбати танадаги коронавируснинг 97 фоизини беш дақиқада йўқ қилишга қодир, деган хулосага келишди.

Маълумки, қадимги табиблар ҳам инсонларни даволаш жараёнида арпабодиён мевасидан кенг фойдаланган. Юз ва оёқ шишларида, жигар, қораталоқ, буйрак, қовуқ касалликларида, қийинлашган нафас олишда, бош оғриғида, кўз ва бошқа касалликларда ҳамда пешоб ҳайдовчи восита сифатида тавсия қилинган.

Халқ табобатида арпабодиён мевасидан тайёрланган дамлама билан меъда-ичак касалликлари даволанади. Бу дамлама яна иштаҳа очувчи, пешоб ва ўт ҳайдовчи, терлатувчи, енгил сурги ҳамда чанқовни босувчи дори сифатида қўлланади.

Арпабодиёнинг эфир мойи антисептик, яллиғланишга қарши ҳамда шиллиқ қаватларга кучли қитиқловчи таъсир кўрсатади. Шунинг учун арпабодиён меваси, эфир мойи ва улардан тайёрланган дори турлари илмий тиббиётда бронхит ва нафас олиш йўлларининг бошқа яллиғланиш касалликларида балғам кўчирувчи, йўтални тўхтатувчи дори сифатида ҳамда овоз бўғилиши ҳолларини даволаш учун ишлатилади. Меваси ва эфир мойи яна буйрак, сийдик пуфаги ва пешоб йўллари касалликларида, ич дам бўлганда ел ҳайдовчи восита сифатида, ичак фаолиятини яхшилаш учун ҳамда баъзи грипп (ЎРВИ) касалликларининг даволашда қўлланилади.

Арпабодиён меваси сурги сифатида ишлатиладиган ҳамда юқори нафас йўллари яллиғлаганда қўлланиладиган балғам кўчирувчи, кўкракни юмшатувчи ва уни оғриғини қолдирувчи йиғмалар – чойлар таркибига киради. Фармацевтика амалиётида эфир мойи ёқимсиз таъмли дори турларини мазасини ва ҳидини яхшилаш учун ишлатилади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, BioRxiv журналида таъкидланишича, табиий шарбатлар ва чой вирус юқтириш эҳтимолини самарали равишда камайтиради. Хусусан, анор шарбати ҳам вирусга қарши кучли таъсирга эга.

Маълумот учун:  Ўтган суткада Ер юзасида 11,6 мингдан ортиқ бемор коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди. Бу пандемия бошидан бери кузатилмаган кўрсаткич. Коронавирус қурбонларининг умумий сони эса 1 миллион 301 минг 412 га етган.

Бундан ташқари, сўнгги 24 соат ичида касаллик юқтириб олганлар сони бўйича ҳам антирекорд қайд этилган, яъни 666 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланган. Пандемия бошланганидан бери дунёда 53 миллиондан кўп одамда COVID-19 касаллиги қайд этилган. 37 миллиондан ортиқ одам соғайган.

 

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти
Матбуот хизмати