АҚШ олимлари жигар трансплантациясига муҳтож беморларни янги усулда даволамоқчи

Замонавий тиббиётда жигар касалликларининг оғир шаклларига чалинган беморлар ҳаётини сақлаб қолишда трансплантация амалиётларига мурожаат қилинади. 

Аммо бу мураккаб операциялар учун, энг аввало, соғлом донор ва катта сарф-харажатлар зарур. Қолаверса, муолажалардан сўнг юзага келадиган асоратлар маълум вақт ўтгач, айрим беморларнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлади.

АҚШ олимлари энди трансплантация учун донор жигари бўлаги ўрнига, ўсувчи ҳужайралардан фойдаланиш устида тадқиқот олиб борди. Тажриба-синов жараёни жониворларда муваффақиятли ўтди.

Энди яқин ҳафталарда Массачусетс штатининг Бостон шаҳрида яшовчи биринчи кўнгилли беморда ушбу янги даволаш усули синаб кўрилади. Мазкур муолажа орқали организмда иккинчи жигар ҳосил бўлишига умид қилинмоқда. 

Технологиянинг моҳияти шундаки, донордан олинган жигар ҳужайралари беморнинг лимфа тизимига киритилади. Натижада хасталикка чалинган одамга кўчириб ўтказилган ҳужайралар бўлиниб, кўпайиб, янги жигар ўсиши кузатилади. 

Шундан сўнг трансплантация қилинган ҳужайралар мавжуд жигар ҳисобига ишлашда давом этади ва бемор яна соғлом ҳаётга қайтади.

Тадқиқотчилар келгуси икки йил ичида 12 нафар кўнгиллида ушбу ноёб амалиётни ўтказишни режалаштирган.