ФТТИ талабалари «REMEDY GROUP» да

Тугаётган хафта талабаларимиз Республикамизнинг илғор фармацевтик ишлаб чиқарувчиларидан бири «REMEDY GROUP» МЧЖ қўшма корхонасида танишув амалиётини давом эттирдилар.

«REMEDY GROUP» фармацевтика корхонаси Ўзбекистон Республикаси фармацевтика бозорида 2008 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда ва бугунги кунда мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири ҳисобланади.

Компания «GMP» қоидаларига мувофиқ замонавий, хамёнбоп дори воситаларини ишлаб чиқариш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади ва хозирда 87 хил фармацевтика гуруҳлари бўйича 250 дан ортиқ дори воситалари ишлаб чиқаради. Улардан 151 та дори воситалари ҳаётий муҳим дори воситалари рўйхатига киритилган.

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти талабалари ушбу ташкилотнинг ишлаб чиқарув жараёнига киргунга қадар бўлиб ўтадиган барча жараёнлар билан танишдилар, жумладан улар инъекцион ва стерил эритмаларни тайёрлашда ишлатиладиган сувни тозалаш бўлинмалари, совитиш тизими, ички ишлаб чиқариш жараёни учун зарур бўлган хавони тозалаш тизими, ампулаларнинг бирламчи тайёрлаш жараёни, тайёр маҳсулот ва субстанцияларни сақлаш тизими билан яқиндан танишиб ўтишди. Келаётган хафтадан эса ФТТИ талабалари ишлаб чиқариш жараёнинг ўзи билан танишишни давом эттирадилар. Бизни кузатишда давом этинг.

ФТТИ матбуот хизмати