Таълимда шароит ва сифат муҳим

Хабарингиз бор, пандемия билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, қишки таътилдан сўнг мамлакатимиздаги барча ўқув муассасаларида онлайн таълим йўлга қўйилди.  Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ҳам ZOOM платформаси орқали онлайн дарслар юқори сифатда мунтазам ташкил қилиб борилди.  Биз онлайн тарзда ташкил қилинган “Физиология одам анатомияси асослари билан” очиқ дарсида қатнашиб, тиббиёт ва биологик фанлар кафедраси мудири, доцент Васила Ботировна Расулова билан суҳбатлашдик.

Савол: Мана, сиз “Физиология одам анатомияси асослари билан” фани бўйича машғулотларни олиб бордингиз. Айтингчи, ушбу фаннинг дарс соатларида тутган ўрни қандай ва бўлажак фармацевтларга қанчалик муҳим?

Васила Расулова: Институтда ўқитилаётган ҳамма фанлар талабаларнинг фармацевтика соҳасида етук мутахассис бўлиб етишишлари учун замин яратади. Ана шу жиҳатдан физиологияни ҳам ана шу фанлар сирасига киритишимиз мумкин. Талабалар рақобатбардош кадр  бўлиб етишишлари учун фармакологияга доир бир қанча фанларни яхши ўзлаштиришлари керак. Лекин фармакологияни шунчаки ўзлаштириб бўлмайди, унинг самарали ўзлаштирилиши учун асос фанлари бор, улардан бири нормал физиология ҳисобланади. Физиология фани организмдаги жараёнлар механизмларини, меъёр константаларни ўргатадиган фан. Бошқача қилиб айтганда, бу нормал физиология. Фармакология учун асос бўлган яна бир фан бу патофизиология. Бу фан организмдаги патологик жараёнларни ўрганади. Бу фанлардан таянч билимларга эга булган талабалар фармакологияни чуқур ва мукаммал ўзлаштира оладилар. Нима учун? деган саволни қўйсак, фармакология бу  меъёрий (нормадан) кўрсаткичлардан чекланиш бўлиб, бунда патологик жараёнларни ташқи муҳитдан организмга киритилаётган фаол моддалар, яъни доривор препаратлар ёрдамида коррекция қилиш ёки меъёрига олиб келиш деган маънони англатади. Демак, нормал ва патологик физиология фармакология учун асос дейиш мумкин. Шунинг учун институтимизда нормал физиология ва патология фанларидан ҳам чуқур билим беришга ҳаракат қилинади. Самарали билим ва кўникмалар ҳосил қилиш учун бу фанлардан махсус ишчи дафтарларимиз бор бўлиб, улар таркибида мавзуга доир тарқатма материал, топшириқ ва тест саволлари жамланган. Бу билан эса амалий дарсларда талабалар учун  тўлақонли имконият яратилган. Раҳбарият томонидан бу фанларнинг ахамиятини инобатга олиб, бир жуфтлик дарс эмас, балки ҳар бир жуфтликка қўшимча яна 40 минут қўшимча қилинган. Бу қўшимча вақт баъзи мавзуларнинг тўлиқ ўзлаштирилиши учун лабораторияда ҳайвонлар устида тажрибалар хам амалга ошириш имконини беради.   Бугунги мавзуимиз “Вегетатив ва периферик асаб тизими” бўлиб, ҳозир талабаларга мавзуни атрофлича тушунтириб бераяпман.

Савол: Бугунги дарсда 60 нафар талаба қатнашди. Сиз онлайн дарсларни маьқул кўрасизми ёки оффлайнними?

Васила Расулова: Дарс жараёни учун билим беришнинг оффлайнни самарали деб биламан. Устоз сифатида мен талабаларнинг билимларни қабул қилаётганликларини сезишим керак. Тескари алоқанинг хам аҳамияти катта. Агар эътибор берган бўлсангиз мен уларга мурожат қилдим, шунга ўрганганман. Доимий менда икки тарафлама алоқа бор, педагогикада бу усул ақлий ҳужум деб аталади. Яъни бир мавзуни тушунтириб туриб, ундан олдинги мавзуларга бир оз қайтиш қиламан ва ўтган мавзулардан савол бераман ва янги мавзу маълумотлари билан боғлайман. Бу ҳол яхлит билим ҳосил бўлиши учун замин яратади. Бу галги онлайн таълим жараёнида раҳбарият бизга яхши шароит яратиб берди, бунинг учун катта раҳмат айтаман. Дарсларга қўшича вақтлар ажратилди бизга чексиз лимитли интернет пакетларини олиб беришди. Шунинг натижасида 1 соату 20 дақиқа талабаларга дарс бериш имконияти пайдо бўлди. Хусусан, бугунги мавзу вегетатив асаб тизими, уни тушуниш учун аввало асаб тизими ҳақида умумий таассурот бўлиши керак. Бунинг учун биз асаб ҳужайрасидан то асаб марказларининг ишлаш қонуниятларигача талабаларга тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Ҳозир биз глобал ривожланиш даврида турибмиз, унинг афзалликлари кўп, лекин камчиликлари ҳам кўп. Маьлумотнинг кўплиги, талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар руҳий зўриқишлар, стрессларга сабаб бўлади. Ҳозирги маьрузадан асаб тизимининг фаол моддаларининг таъсири механизмини тушунтира туриб, масалан медиаторлар ҳақида ҳам тушунча бериб, талабаларга доривор препаратларнинг заминида ётувчи фаол моддалар қандай ишлашига бир оз урғу берамиз. Қисқа қилиб айтганда, қизиқарли маълумотлар асосида физиология фанига меҳр уйғотишга ҳаракат қиламиз. Талабанинг ўзи бу фанни мухим эканлигини англаган ҳолдагина билимлари мустаҳкам, фаолияти самарали бўлади.

Савол: Талабаларни якуний баҳолаш жараёни қандай кечади? Сиз талабани баҳолашда нималарга эътибор берасиз кўпроқ?

Васила Расулова: Кредит модул тизимида биз талабаларга масъулиятли бўлишни етказишга ҳаракат қилаяпмиз, лекин инсон психологияси шундай тузилганки, ўзи кўргани ёки эшитганидан кўра бажарса яхши эсида қолади. Бажариши керак. Амма гуруч курмаксиз бўлмагани каби баъзи қолоқ талабалар ҳам йўқ эмас.

Ҳозирда биз кредит модул тизимининг асосий ўзига хос томонини етказишга ҳаракат қилмоқдамиз, деканат ҳам буни устида кўп ишламокда. Масалан, одатий ҳолда агар талаба якуний назоратни топшира олмаса, қониқарсиз баҳо олса, маьлум бир вақт ўтгач иккинчи марта қайта топшириши мумкин. Лекин, кредит модул тизимида ундай эмас. Иккинчи-учинчи маротаба топшириши учун  қайтадан ўқишга мажбур. Мана шу жиҳат кредит модул тизимини афзаллик томони деб ўйлайман. Талаба ўзлаштирмаган фани қайтадан топширикларни бажариб ўқишга мажбур бўлади. Натижада онглилик ошади. Агар топшира олмаса, қўшимча дарс учун маблағ тўлаб ўқишга мажбурлигини хис этади.

Коллективдаги фаолият: Ҳар бир профессор-ўқитувчи ўқув-услубий жараёнлар билан банд. Ўқитувчилар доимий изланишда. Биз октябрда ўқув жараёнларини бошлаган бўлсак, ҳозирги ҳолат билан октябрдаги ҳолатни таққослаб бўлмайди. Абитуриентлар буткул талаба сифатида шаклланишди ва бунда педагогларнинг мехнати катта бўлди. Ўқитувчиларнинг салоҳияти юқори, улар ўз соҳасини яхши биладиган педагоглар жамоаси йиғилган. Институтда сифат коммиссияси мавжуд. Сифат коммиссиясининг маьлумотларига кўра, ҳеч бир мутахассис қониқарсиз дарс ўтмаган. Бу —биринчидан мустаҳкам интизом, иккинчидан дарсларнинг қизиқарли ташкил этилиши деб биламан. Шароитни алоҳида таъкидлаб ўтмай иложим йўқ, ўқув-тадқиқот ишлари учун жуда ҳам яхши шароит яратилган,  Ҳозир дарсда фойдаланилган муляжни кўрдингиз, ана шу муляжлардан яна бир нечтасига буюртма бердик. Ҳар бир гуруҳда муляжлар, фантомлар бор. Самарали дарс ўтишимиз учун кўргазмали материаллар, услубий таъминот, лаборатория ҳайвонлари ва реактивлар, керакли барча жиҳозларни таъминлаб беришмоқда. Талабалар ҳам бунга қизиқишади, улар ана шу махсус жиҳозлар ёрдамида дарс ўтишимизни сўрашади. Ўйлайманки, биз бугунги саъй-ҳаракатларимиз билан профессионал кадрларнинг етишиб чиқишига замин яратаяпмиз.