“Ноорганик кимё” дарси жараёни

Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида фаол олиб борилаётган қизиқарли дарс жараёнлари билан таништиришда давом этамиз. Ўтаётган ҳафтада биз он-лайн ташкил қилинган  “Ноорганик кимё” дарсини кузатишга муваффақ бўлдик. “Йоднинг ишқорий муҳитда диспропорцияланиш реакциялари” мавзусида ўтказилган  дарсда 4 та амалий тажриба амалга оширилиб, 12 нафар талаба иштирок этди. Дарс якунлангач, институтнинг “Ноорганик кимё” фани ўқитувчиси Камола Рамазоновага дарс жараёнлари билан боғлиқ бир нечта саволлар билан мурожат қилдик.

Савол: Мана, ҳозиргина сиз  “Норганик кимё”  модули бўйича машғулотларни олиб бордингиз. Айтингчи, ушбу фаннинг белгиланган таълим дастурида тутган ўрни қандай?”

Камола Рамазонова: - Бизнинг вазифамиз талабаларга бошланғич назарияни, лаборатория ҳам амалий ўзлаштиришда  ёрдам бериш. Мактабда ҳам  кимё фани ўтилади, бу фандан талабаларда бошланғич кўникма бор. Лекин биздаги ноорганик кимё мактаб дастуридан тубдан фарқ қилади. Яъни, мактаб дастурида талабалар фақат Менделеев назарияси ёки лабораториянинг қайсидир қисми билан танишган бўлса-да, албатта, тўлиқ тасаввурга эга эмаслар.

Институтимизнинг 1-курс талабалари фармацевтика соҳасига қадам қўйишлари учун   ҳар бир мавзуда моддаларнинг физик, кимёвий хоссаси, олиниши, тиббиётга боғлиқлигини ҳамда лаборатория тажрибаларини ўрганадилар. Масалан кимё дарсимизда “Кимёвий реакцияларнинг тезлиги”  деган мавзу бор. Бу мавзуни ёритишда соҳада қандай мақсадда ишлатилиши мумкинлиги ҳақида ҳам маьлумотлар бериб ўтамиз. Масалан, дори препаратларини яроқлилик муддати бор. Қай бири икки йил, бошқаси олти ой, бу муддатлар ўзича белгиланган эмас,  демак, буни  тушуниб етиш ва фаолиятда қўллаш учун талабалар тезлик мавзусини ўтиши керак. Чунки “тезлаштириш-эскиртириш” усулида Вант Гофф қонунларидан фойдаланиб дори моддаларининг яроқлилик муддати аниқланади. Талабалар дарсларда қанча вақтдан кейин дори ўз кучини йўқотади, қанча вақт давомида ундан фойдаланишимиз мумкин, муддати ўтган дориларни нима учун ишлатиб бўлмайди, каби саволларга жавоб топадилар.

Шундай қилиб талабалар 1-курсда ноорганик кимё модулини чуқур ўзлаштирадилар. Кейинги босқичларда кимёнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам билим оладилар. Масалан 2-курсда органик кимё фани ўқитилади, унда углеводородлардан ташкил топган моддаларнинг олиниши ва хоссаларини ўрганишса, 3 курсда фармацевтик кимё, бунда дори препаратларнинг хоссаларидан воқиф бўладилар. Масалан, магний Б6 дори препарати таркибида ҳам ноорганик, ҳам органик қисми бор. Шунинг учун бошланғич ноорганик кимё модули талабалар учун асосий ва керакли фан ҳисобланади. Фармацевт бўлиб етишиш учун талабалар кимёнинг камида етти хил турини: биорганик кимё, фармацевтик кимё, токсикологик кимё, ноорганик кимё, органик кимё модулларини ўзлаштиришлари керак бўлади.

САВОЛ: Кейинги вақтларда пандемия сабабли ўқишлар айрим вақтларда он-лайн форматга ўтказилмоқда. Бу педагогларда муайян қийинчилик туғдириши табиий. Чунки фармацевтика институти, кимё фани бевосита инсон саломатлиги билан боғлиқ ва дарсларга катта эътибор талаб этади.         Ўқитувчи сифатида он-лайн ташкиллаштирилган дарслар  самарали ва қизиқарли ўтиши учун қандай чоралар кўряпсиз ва хусусан, бугунги дарс жараёнида нималарга эътибор бердингиз?

Камола Рамазонова: Тўғри айтдингиз. Оффлайн дарсларда лабораторияда ҳар доим машқларни талабалар ўз қўллари билан бажаришади, уларни 3-4 та гуруҳга ажратган ҳолда тажрибаларни амалга оширар эдик. Энди он-лайн дарсларни қизиқарлироқ ўтиши учун биринчидан, реал он-лайн тизимида ўзим кўрсатиб беряпман, талабалар буни кўрган вақтида эсида қолади, бундан ташқари модулда ҳозир қилган тажрибаларнинг видеосини хам жойлаштирамиз. Чунки талаба ҳаммасини бирдан эслаб қолмаслиги мумкин. Агар керак бўлиб қолса модулга кириб кўриши мумкин бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир тажрибани алоҳида-алоҳида таъкидлаб, уни реакция тенгламалари билан бирга, турли хил педтехнологиялардан фойдаланган холда ёритиб борамиз. Шу мавзуларни чуқурроқ ўзлаштириш учун чайнворд, кроссворд, тест услубларидан фойдаланамиз. Дарсларимизни олдин ZООМ платформасида ўтказамиз, бунда талабалар янги мавзуларни ўзлаштиришади ва тушунмаган саволларига жавоб олишади. Умуман олганда, институтимиз лабораториясида талабаларнинг илм олишлари, тажрибалар ўтказишлари ва амалиёт ўтишлари учун барча шароитлар яратилган.

Савол: Анъанавий дарслардан ташқари, талабаларнинг қизиқишлари, таклифлари юзасидан қўшимча дарслар ҳам олиб борасизми?

Камола Рамазонова: Институтимизда талабаларнинг билимларини мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча бепул дарслар ташкил қилинган. Ўзим ҳам дарсдан ташқари вақтларда сўраган саволларига жавоб бериб бораман. Шунингдек, эдвайзер ва тюторларимиз ҳам талабалар билан яхши ишлашмоқда. Бундан ташқари кутубхона доим фаолият олиб бормоқда. Талабаларни фанга қизиқтиришнинг энг яхши усули соҳага боғлаб дарс ўтиш. Доим кимёвий атамаларни такрорлайверсак, талаба зерикади, дарсда мавзуга оид қандайдир янги маълумот ҳақида айтиб ўтаман. Шунда уларга қизиқарлироқ бўлади. Мисол учун “Электролитик диссоцияланиш, эритмалар pHини аниқлаш” мавзуси бор. Дори моддаларга суртмалар, кўз томчилари, иньекцион эритмалар мансуб бўлиб, уларнинг кислоталиги ёки ишқорийлиги нормадан баланд ёки паст бўлса тери куйиши, кўз ва организмда хавф туғдириши мумкин. Суртмаларнинг pH муҳити териникига яқин бўлиши зарур. Шунинг учун бу мавзуни чуқур ўзлаштиришлари зарурлигини тушунтираман. Худди шунингдек, баъзи дори препаратлар бор, у қуёш нури остида оксидланиш мумкин ёки уларнинг оксидланишини олдини олиш мақсадида уларга турли антиоксидантлар қўшилади. Яна шундай моддалар бор, уларни фақат қўнғир идишда сақлаш керак бўлади. Сабаби ёруғлик нури таъсирида бошқа моддага айланиб кетиши мумкин бўлади. Бугунги мавзуимиз оксидланиш қайтарилиш реакцияларига боғлиқ эди. Ўтилаётган мавзуга фармацевтика соҳасига оид қўшимча маълумотлар киритсам, ўзлари учун ҳам фойдали, ҳам қизиқарли бўлади. Талабаларим 1- курс бўлишига қарамай, фармацевтика препаратларга кўпроқ қизиқишади. Демак, уларга кўпроқ маълумотлар беришга аҳамият беришимиз керак. Дарс жараёнларини замонавий услубда ўтказамиз. Ҳар бир талабанинг планшети бўлиб, тарқатма материаллар қоғозда эмас, планшетга юкланади. Лаборатория ва хоналар интернет алоқаси билан таъминланган. Бундан ташқари қўшимча дарсларда тест ўтказилади. Тест жавоблари телеграмда СЖТ боти орқали текширилади. Берилган баллар ўқитувчига кўриниб туради. Шу билан ўзаро хатоларини ҳам кўриб биргаликда муҳокама қиламиз. Бу эса талабаларнинг вақтини тежашга ёрдам беради. Институтимизда талабалар илм олиши учун керакли адабиётлар, тажриба алмашиш, амалиёт ўташлари учун замонавий лабораториялар, барча шароитлар яратилган. Талабаларим кимё фанига жуда қизиқишади. Ҳаттоки, тажрибаларни видеога олиб, гуруҳларга жойлаштирадиган талабаларимиз ҳам бор. Менделеев таваллуд санаси муносабати билан март ойини “кимё ойлиги” деб эълон қилганмиз. Талабалар унга қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Турли реакциялар, тажрибаларни тайёрлашмоқда. Оффлайн тизимга ўтсак, уларнинг тажрибаларини кўриш имконига эга бўламиз.