“Каврак" ўсимлигининг бизга маълум бўлмаган хусусиятлари

Заминимизда доривор гиёҳларнинг кўплаб турлари учрайди. “Каврак” — Ферула шулардан бири. Ундан халқ табобатида узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинади.

Каврак - (Ferula) туркуми селдердошлар (соябонгулдошлар)- Apiaceae (Umbelliferae) оиласига мансуб бўлиб, кўп йиллик ўт ўсимлиги. Ковракнинг ер юзида 160 дан зиёд турлари, Ўрта Осиё республикаларида 104, мамлакатимизда эса 50 тури учрайди. Смола - елим олишда сассиқ коврак, Куҳистон ковраги каби турлари ишлатилади.

Каврак республикамизнинг Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасининг қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларда, соз тупроқли ерларда ўсади.

Табиатда сассиқ каврак (Ferula assa-foetida L.) кенг тарқалган бўлиб, елим-смола асосан шу турдан олинади. Бу доривор ўсимлик табобатда бемор организмига ижобий таъсир этувчи биологик фаол моддаларга бой ҳисобланади. Доривор воситалар сифатида ўсимликнинг илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси, шираси ва бошқа қисмларидан фойдаланилади.

Абу Али ибн Сино кавракдан кўплаб хасталикларни даволашда фойдаланган.

Томоғи оғриб, овози бўғилиб қолган кишилар каврак елимини сувга қўшиб ичса, хасталик дарҳол чекинади. Танада пайдо бўлган яраларни каврак елимига мурч ва сирка аралаштирилиб суртиб даволаш мумкин. Соч тўкилишига ҳам ўта фойдалидир.Сариқ касаллиги (гепатит)га чалинганларга эса ўсимлик ширасини анжирга қўшиб истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кавракнинг елим смоласи халқ табобатида ўпка сили, ўлат, хавфли шишлар, захм, кўк-йўтал, астма, бронхит, томоқ оғриши (ангина), томир тортиши, тиш оғриғи, асаб, паришонхотирлик (склероз) ва бошқа касалликларни даволаш учун дори воситаси сифатида қўлланилади. Илмий тиббиётда каврак елим- смоласи “ассафетида” номи билан кукун, эмульсия ва спиртли тиндирма (настойка) ҳолида оғриқ қолдирувчи, балғам кўчирувчи, қувват берувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади ва кўпгина давлатлар фармокопеясига киритилган.  Каврак ўсимлигидан тайёрланган қайнатма қон кетишини тўхтатиб, иштаҳани очади. Буйрак касалликлари,  томчилаб сийиш ҳолатида ҳам каврак илдизидан тайёрланган қайнатмани кунига 30 граммдан 3 маҳал ичилса, самараси 15 кундаёқ сезилади. Ушбу қайнатма оғриқларни босиш, ошқозон-ичак йўлини шлаклар ва гижжалардан тозалаш, оғиздан ёқимсиз ҳид келишини йўқотиш хусусиятига эга.

Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Афғонистонда каврак ўсимлиги, илдизи ва  елим-смоласидан озиқ-овқат саноатида зиравор ва косметика саноатида атторлик маҳсулотлари тайёрланиб келинади. Ҳиндистонда каврак смола елимидан олинган кукун зиравор сифатида, пиёз ва саримсоқ ўрнини босувчи зиравор сифатида таомга қўшилади. Ҳиндлар дуккакли маҳсулотларни кўп истеъмол қилишади. Дуккакли маҳсулотлар организмни дам қилишга мойил бўлиб, кавракдан тайёрланган зиравор овқат ҳазм қилишни кучайтиради. Ҳинд ҳалқида кавракли зиравор истеъмол қилинса, ошқозон михни ҳам ҳазм қилиб юборади, деган ибора бор. Шунинг учун кўпгина шарқ мамлакатларида ҳазм бўлиши қийин бўлган таомларга кавракли зиравор қўшиб тайёрланади. У иштаҳани очиш билан бирга дам ҳосил бўлиши, кекиришни ҳам йўқотади.

Ўзбекистонда каврак етиштириш ҳажми ва унинг экспортини кескин ошириш режалаштирилмоқда

Маълумки дунё миқёсида фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг 50%га яқини доривор ўсимликлари хомашёси асосида тайёрланмоқда. Кўплаб мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам фармацевтика саноатини жадаллик билан ривожланиши бундай корхоналарнинг доривор ўсимликлар хомашёсига бўлган талабни ортишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 мартдаги “Республикада каврак плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш хамда экспорт қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3617 Қарори асосида каврак плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш уюшмаси ташкил этилган. Шунга кўра, Ўзбекистонда 5 йил ичида умумий майдони 30 минг гектарлик каврак плантацияларини барпо этиш, қайта ишлаш корхоналари ва хўжаликлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, кавракдан олинган хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш, шунингдек, инвестицияларни жалб этиш режалаштирилмоқда.

2022 йилнинг 1 июнига қадар қадар каврак етиштириш учун қулай иқлим шароитига эга Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида кавракни қайта ишловчи корхоналар, каврак йиғиш ва етиштириш билан шуғулланувчи уй хўжаликлари (жисмоний шахслар) ва каврак кўчатчилиги хўжаликлари кооперациясига асосланган каврак етиштириш кластерлари ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ 2022-2026 йилларда яйловларда каврак плантацияларини барпо этишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди, 2022 йилда 6 минг гектар майдон яратилади ва 2026 йилгача ҳар йилда бундай плантацияларнинг умумий майдони 6 минг гектарга ошириб борилади:

2022 йилнинг 1 май санасидан бошлаб, ёввойи ҳолда ўсадиган каврак ҳосилини ғамлаш (йиғиб олиш) учун квоталар тасдиқланади ва ушбу квоталар доирасида ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлиги хом ашёсидан махсус фойдаланиш учун ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини четга олиб чиқиш учун рухсатномалар Қўмита томонидан берилади. Бунда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини ғамлаш (йиғиш) ва четга олиб чиқиш учун рухсатномалар ажратиладиган квотанинг камида 50 фоизи ҳажмида маданий плантацияларни барпо этиш шарти билан берилади.

2022 нинг 1 май санасидан бошлаб уч йил муддатга:

– каврак етиштиришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларидан олинадиган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоиз миқдорида қўлланилади;

– каврак ўсимлигини етиштирувчилар ва унинг хом ашёсини қайта ишловчи корхоналар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитуралар божхона божидан озод этилади.

2022 йилнинг 1 май санасидан бошлаб, каврак уруғини Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсатномалар бериш беш йил муддатга тўхтатилади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

ФТТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ