Жигар хасталикларида қора седана асосида қўлланиладиган таркиблар

Буюк тиб олими ва табиб Абу Али ибн Сино сариқ касаллигини даволашда дори-дармонлар билан бир қаторда турли воситалардан ҳам фойдаланган. Жумладан, турли сабзавотлар шарбатларини  бурунга томизиш бунинг мисоли. Бу шарбатлардан ташқари Ибн Сино ўз асарларида сариқ касални қора седана ёрдамида даволаш таркибларини ёзиб қолдирган. Бунинг учун қора седана уруғини сирка кислотаси эритмасига бир кеча ва бир кундуз солиб қўйилади, кейин  бурун томизилади ёки шу туришича ҳидланади. Тибет тиббиёти эса қора седанани ўт йўллари ва жигар касалликларини даволашда тавсия қилади.

    Болгария халқ табобатида қора седана уруғлари чой тайёрлаш учун ишлатилади, уни сийдик ҳайдаш, сафро чиқаришда, гижжа тушириш, енгил ич суришда, шунингдек сут секрециясини ошириш учун буюрилади. Бундан ташқари, қора седана уруғидан метероизмда самарали фойдаланилади. Қора зира уруғи ва ёғи Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари  халқ табобатида ҳам фойдаланилади. Бунда ўсимлик жигар ёғ дистрофияси бошланишининг олдини олиб, шикастланган тўқималарнинг тикланишини жадаллаштириб, дезинтоксикацион хусусиятларини фаоллаштириб, бир қатор жигар касалликларига қарши курашда ёрдам беради,  деб ҳисобланади.

Қуйида биз ҳозирга қадар халқ табобатида жигар касалликларини даволашда муваффақиятли фойдаланиб келинаётган  қора седанали таркибларни келтирамиз:

Кичкина пиёла асалга 3-4 томчи қора седана эфир мойи ва бир қошиқ янги эман (дуб) пўстлоғини қўшиб аралаштирилади ва бир ой давомида ҳар куни наҳорга қабул қилинади.

Бир стакан дамланган тол баргига беш томчи қора седана мйини қўшиб (1 чой қошиқ янчилган барг бир стакан қайноқ сувга солиб дамланади) бир ҳафта давомида ичиш тавсия этилади.

Бир ош қошиқ марвак (шалфей)ни бир чой қошиқ янчилган қора седана уруғи билан аралаштириб, 300 мл. қайнаган сувга дамлаб устидан бир қошиқ асал қўшилади, 1 соат тиндириб қўйилади. Кунига бир маҳал, наҳорга, то аҳвол яхшилангунга қадар ичиб юрилади.

Бир кичкина пиёла асалга бир чой қошиқ седана мойи ва бир қошиқ янчилган эман пўстлоғи қўшилади. Бир ой давомида ҳар куни наҳорга бир ош қошиқдан қабул қилинади. 

ФТТИ Матбуот хизмати