Америкада фаолият юритаётган олима ФТТИ талабалари билан учрашди

Маълумки, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида таълим тизимини халқаро талаблар даражасида ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида ҳам ана шу устувор вазифалардан келиб чиқиб, қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айтиш ўринлики, мазкур ушбу таълим маскани фақат бакалавр ёки магистратура даражасидаги мутахассисларни тайёрлаш билан чекланмайди, балки бир вақтнинг ўзида тадқиқот институти ҳамдир. Бу эса институт жамоаси зиммасига янада катта масъулият юклайди. Жамоа томонидан дарс жараёнлари билан бирга илмий йўналишдаги ишлар ҳам бошлаб юборилган. Масалан, институтга қабул қилинган 1-босқич магистр талабаларига илмий раҳбарлар бириктирилган бўлиб, уларнинг тавсиялари асосида магистрантлар магистрлик битирув иши мавзусини танлаш ва мавзу бўйича изланишлар олиб боришмоқда. Айни бу жараёнда нуфузли таълим даргоҳларида фаолият юритаётган олимлар билан учрашувлар ҳам ташкил этиб борилмоқда. Америка Қўшма Штатларининг Wyoming университети гуманитар фанлар доктори Дилноза Ҳосилова иштирокида ўтказилган илмий учрашув бунга бир мисолдир.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, Дилноза Ҳосилова – лингвист, Wyoming университети гуманитар фанлар бўйича доктори. У айни пайтда Хорижий талабалар билан ишлаш бўлими кординатори, Марказий Осиё талабалар жамияти Wyoming штати раҳбари, дунёга Ўзбекистондан чиқиш таълим дастури асосчиси ҳамда Маданиятлар ва жаҳон тиллари билан дунёга чиқиш уюшмаси директори ҳам. 

Биринчи босқич магистр талабалари билан ўтказилган семинарда Д.Ҳосилова хорижий журналларнинг илмий мақолага қўядиган талаблари, мақолани шакллантиришда танланган мавзунинг ўрганилганлик даражаси, илмий янгилигига алоҳида эътибор қаратиш бўйича атрофлича маълумот берди. Магистр талабаларга мурожаат қилиб, уларнинг танлаган илмий мавзулари ҳам ушбу мавзу доирасида олиб бораётган илмий изланишлари, ёзаётган мақолалари билан қизиқди. Бу эса, семинарнинг янада қизиқарли ўтишини таъминлади. Ўз навбатида, бўлажак илмий тадқиқотчилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

—Дунёдаги нуфузли таълим даргоҳларининг доктори бўлган Д. Ҳосилова билан учрашувдан мен жуда катта таассуротлар олдим, — дейди Фармхимия ва фармакогнизия кафедрасининг 1-курс магистратура талабаси Диёра Ниғматхўжаева. — Бу илмий мулоқот маҳорат дарси сифатида менга кучли мотивация берди. Олима билан ўтган суҳбат биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Олиманинг ҳаётий тажрибаси, эришган ютуқлари, илм сўқмоқларидан босиб ўтган йўллари бизга том маънода ибрат бўла олади, уларга ҳавас қилдим. Учрашувда олима илмий мақола ёзиш бўйича тўғри ва аниқ тавсиялар бердилар. Маҳорат дарси якунида биз талабалар қизиқтирган саволларга жавоб ҳам олдик. Доктор Д. Ҳосилова илмий ишим мавзуси қизиқарли эканлигини ва мавзуга яна ҳам чуқурроқ кириб, уни атрофлича ўрганишим кераклигини айтдилар.

Тадбирдан сўнг Д.Ҳосиловаа институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори,профессор Шаҳноза Зиядовна Умарова билан учрашиб, институтнинг ўқув хоналари, лабораториялари билан яқиндан танишди ва келажакда ушбу таълим муассаси билан ҳамкорликда иш олиб боришини маълум қилди. Ўз навбатида, Ш. Умарова бундай илмий мулоқотларнинг ташкил қилиниши ва ҳамкорликнинг ўрнатилиши келгусида ўзининг ижобий самара беришини алоҳида таъкидлади ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.

Маълумки, магистр даражаси ёш мутахассисга келгусида илм билан шуғулланишга, танланган соҳада илм чўққиларини забт этишга имкон яратиб беради. Ўқув масканида яқин вақт ичида докторантура бўлимини ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.