Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида Ўзбек тили байрами муносиб нишонланди
Бу йил ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 33 йил тўлди. 1989 йилнинг 21 октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича "Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига - Давлат тили мақоми берилган эди. “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қарорга асосан 21 октябрь санаси тил байрами куни деб белгиланди. Тарихдан маълумки, ўзбек тили бу мақомга эришиш учун жуда кўп тазъйиқларга дуч келган. Аждодларимизнинг саъйи-ҳаракати билан ўзбек тили ўз мақомини тиклаб олди. Халқаро майдонда ҳам ўзбек тилининг нуфузи ортиб бормоқда. Бугунги кунда жаҳон бўйлаб 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашади. Ривожланган мамлакатларнинг 60 дан ортиқ олий ўқув юртлари ва тил марказларида ўзбек тили ўрганилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти нуфузини ошириш бўйича турли олий ўқув юртлари ва турли хил ижод мактаблари ташкил этилмоқда.